Тожикистон - яккалантириш сиёсатининг қурбони?

Тожикистон ҳақида ҳаммамиз эшитганмиз, лекин бу мамлакат ҳақида кўпчилик чуқур билимларга эга эмас. Бунинг сабаблари кўп бўлиши мумкин, лекин асосий сабаб иккита: 1. Совет Иттифоқи давридаёқ Тожикистоннинг бошқа Совет мамлакатлари билан алоқасининг сустлиги, иқтисодий қолоқлиги ва унинг миллий чегараланиш даврида ҳеч қандай маданий марказ ёки сивилизация атрофида ташкил қилинмаганидир.

2-сабаб Совет Иттифоқи парчаланиши билан Тожикистон фуқаролар урушига шўнғиди, натижада унга қўшни бўлган мамлакатлар бу фуқаролар урушини ўз ҳудудларига ўрмалаб кетишини олдини олиш мақсадида у билан чегараларини батамом ёпадилар.
Бунинг оқибатида Тожикистон нафақат ўзининг географик жиҳатдан ноқулай ўрни, балки фуқаролар урушида кўрган талофатлари, устига устак дипломатик яккаланишнинг аянчли қурбони бўлди. Мамлакат ҳали ҳозирги кунгача ўз қаддини ростлагани йўқ, Ҳозирда мамлакат дунёнинг энг камбағал мамлакатлари ўнлигига киради (ушбу ўнликда Қирғизистон ҳам бор), мамлакат қарзи унинг ЙИМ нинг 30%дан ошиғроғини ташкил қилади. Ҳозирда мамлакатнинг асосий иқтисодий пойдеворини чет элларда ишлаётган Тожикистон фуқароларининг киритаётган валюталари ташкил қилади.

Ҳўш тожикистонни қандай келажак кутмоқда? Ҳозирги вазиятдан чиқиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Дастлаб Тожикистондаги асосий муаммоларга тўҳталсак, гарчи уларнинг сон саноғига  етиш амримаҳол бўлса ҳам, биз уни бўлимларга ажратиб кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Сиёсий муаммолар

Юқорида айтиб ўтилганидек Тожикистон Совет Иттифоқи мамлакатлари орасида фуқаролар урушига ғарқ бўлган ягона мамлакат бўлди. Бу урушни содир бўлиши эса Тожикистон мамлакатини яратилиш тариҳига бориб тақалади.

Аслида ким ўзи Тожиклар? Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин, чунки Тожиклар асрлар давомида миллат сифатида эмас балки элат сифатида яшаб келганлар (Ҳудди Ўрта осиёнинг бошқа халқлари каби, жумладан ўзбеклар). Тожиклар ўрта осиёда ўзбеклар, қирғизлар, қозоқлар ва бошқа миллатлар билан Буҳоро Амирлиги ва Қўқон хонликларида қоришиб яшаганлар.

Октябр революциясидан кейин Советлар Ўрта Осиёда миллий чегараланиш ишларини бошлаб юборадилар, лекин аслида бу ҳудудда миллатлар аҳолининг генетик келиб чиқиши билан эмас балки қайси ҳудудга тегишлилиги билан шаклланган эди. Масалан Хива хонлигидаги ўзбек билан Қўқон хонлигидаги ўзбек бир бирни бир миллат деб ҳисобламас эдилар, балки бир элат, лекин бошқа бошқа миллатга тегишли кишилар деб ҳисоблар эдилар. Ҳудди шу каби тожик аҳолиси орасида ҳам бу тафовутлар мавжуд эди ва бу нафақат хонликлараро балки шахарлараро аҳамиятга эга эди. Жумладан Буҳоро амирлигининг ўзида ҳам Буҳоро тожиклари билан Самарқанд тожиклари орасида жуда кучли рақобат мавжуд бўлган, чунки улар ўзларини биринчи навбатда тожик деб эмас балки Самарқандлик ёки Буҳоролик деб аташган.

Миллий чегараланиш бошланиши билан Советлар Ўрта Осиёдаги учта асосий сиёсий ва маданий марказларни аста секинлик билан бир бирига қарама қарши миллий-давлатларга айлантира бошладилар. Дастлабки босқичда ўтроқ аҳоли билан кўчманчи аҳоли алоҳида ажратиб олинади. Совет Иттифоқи халқлари декларацияси билан эски мамлакат марказлари бутунлай йўқ қилиниб, уларни ҳудудлари турли қисимларга бўлиниб юборилади. Эски пойтахтлар оддий шахарларга, хонликлар эса турлича янги мамлакатларга бўлиниб юборилади.

 Бу бўлиниш айниқса Тожиклар учун аянчли натижани олиб келади. Чунки эски маданият марказлари бўлган шахарлардан ҳеч қайсиси Тожиклар учун ажратиб берилмайди. Ўрта Осиёнинг жанубий шарқида жойлашган тоғли ҳудудларга собиқ Буҳоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ҳудудларидан тожиклар кўчириб олиб келинади. Дастлаб бу мамлакатга Ўзбекистон ССР таркибидаги автоном социалистик республикаси мақоми берилади, кейинчалик 1929-йилда у тўлақонли Тожикистон ССР дея эълон қилинади.

Тожикистоннинг бу тарзда "яратилиши" унинг бугунги кундаги келажагини белгилаб берди. Ўша даврдаёқ Тожикистон Коммунситик партиясининг бош секретарлари фақат рус ёки ўзбек миллатларининг вакиллари бўлган бўлиб, улардаги манфаатлар асосан марказни ёки маҳаллий ўзбекларнинг манфаатларига ҳизмат қилган. уни устига Москва Горно-Бадаҳшон вилоятига фақат марказга бўйсуниш мақомини бериб мамлакат ичидаги парокандаликни янада кучайтирди. 1990-йилда Совет иттифоқининг парчаланиши билан ушбу маҳаллий кучлар ўртасида ҳокимият учун кураш бошланиб кетди. Бир томонда мамлакатда одатий ҳокимятни эгаллаб келган Ленинободлик ўзбеклар, бошқа тарафда Кўлоб ва Гарм кланларидан ташкил топган тожиклар, учинчи томонда эса исломий-радикал гуруҳлар билан бошқа муҳолифат кучлари 5 йил давомида қонли урушга кирадилар.

Лекин фуқаролар уруши кутилган натижани бермайди, яъни аниқ бир томон ғолиб чиққан ҳолатда бутун мамлакатда назорат ўрнатмайди. Балки Ўзбекистон ва Россиянинг босимлари билан фуқаролар урушига чек қўйилади, лекин мамлакатдаги маҳаллий кучлар орасидаги келишмовчиликлар тўлалигича  ечилмайди. Бундан ташқари уруш давомида 100 минга яқин аҳоли ўлдирилади, 1,5 миллион киши мамлакатни тарк этади.

Мазкур можаронинг ҳозирги Тожикистон сиёсатида тутган ўрни марказийдир. Чунки ушбу уруш натижаси ўлароқ Тожикистоннинг ўз қўшнилари билан алоқалари ёмонлашди, айниқса Ўзбекистон билан. Бундан ташқари мамлакатда ривожланишни кучайтиришга ёрдам  берувчи чет эл инвестициялари ҳали ҳозиргача бу ҳудудга ҳавфсираш билан назар соладилар. Россия учун эса Тожикистон Афғонистондаги экстремик кучларни кириб келмаслигини таъминловчи синов майдонига айланди. Бундан ташқари рус, ўзбек ва тожик мафияларининг бу ҳудуд орқали наркотик ва қурол олиб ўтиш тадбиркорликлари мамлакатдаги аҳволни яҳшилашга ҳеч бир ҳукуматни ундамади.

2001-йилда АҚШнинг Афғонистонга кириб келиши билан вазият ўзгача тус олди, Тожикистон ва бошқа Ўрта Осиё мамлакатлари бу ҳудуднинг дунёнинг қудратли мамлакатлари назарига тушиб бораётганини сезиб қолишди. Бундай фурсатдан фойдаланиб қолиш учун Тожикистон ҳам йирик қудратли мамлакатлар орасидаги кучлар нисбати тарозисини гоҳ у ёққа гоҳ бу ёққа оғдиришни бошлаб юборди. Тожикистон ҳудуди учун 4 йўналишли рақобат мавжуд эди: 1. Россия-АҚШ, 2. Россия-Хитой, 3. Хитой-АҚШ, 4. Ерон-АҚШ;

Лекин натижалар кутилганидеки бўлмади, балки аҳвол бунданда ёмонлашди. Юқоридаги рақобат схемаси орқали ўзини ривожлантиришга уринаётган Тожикистон учун Ўзбекистон катта тўсқинликлар пайдо қилди, жумладан Россия билан Тожикистон алоқаларини яҳшиланишига Ўзбекистон мунтазам ўз эътирозини билдириб келди, АҚШнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка муҳтожлиги ва Россия, Хитой билан алоқларни ёмонлаштирмасликка ҳаракати уни Тожикистон билан яқинлашишига йўл бермади. Эронга келсак, Исломий революциядан бери Эрон форс мамлакатидан кўпроқ шиалар мамлакатига айланган эди, икки давлат ўртасидаги бу фарқ, Эроннинг ўз иқтисодий қийинчиликлари ва икки давлат ўртасидаги маҳсулотни алмашинишига Ўзбекистоннинг ҳалақити бу давлатларни ҳамкорликларини мустаҳкамлашга имкон бермади. Афғонистон билан алоқалар яҳшилиги эса мамлакат учун деярли ҳеч нарсани ўзгартирмайди. мазкур Афғон ҳукумати коррупцияга ботган, Афғонистон эса деярли иқтисодий инфратузилмаларга ёки сиёсий кучга эга эмас. 2014-йилда НАТО қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши Карзай учун фожеали оқибатларни олиб келиши мумкин.

Иқтисодий муаммолар

Ўз ўзидан маълумки Тожикистон иқтисоди Совет Иттифоқи даврида асосан қишлоқ ҳўжалигига асосланган эди. Бундан ташқари 5 йил давом этган фуқаролар уруши мамлакатдаги мавжуд тизимни бутунлай йўқ қилди. Ҳозирда Тожикистон чет эллардан келувчи ёрдамлар ва аҳолисининг Россия орқали жўнатаётган пулига яшамоқда десак муболаға бўлмайди. Мамлакат тақдири яқин келажакда ўзгариши кутилмайди, ўзининг иқтисодий жиҳатдан энг бақувват қўшинси ва эҳтимолга яқин иқтисодий шериги бўлиши керак бўлган Ўзбекистон билан алоқалар деярли кризис ҳолатида.

Ўзбекистон фуқаролар уруши давомида Тожикистоннинг Лелинобод кланига ўзининг катта ёрдамини кўрсатган эди, уринишларга қарамасдан Лелинобод клани ҳокимят учун кураш майдонидан итқитиб ташланди. Натижада Ўзбекистон учун бошқа йўл қолмаганидан, яъни Тожикистон ҳукуматига радикал-исломий гуруҳлар келишини олдини олиш мақсадида, Имомали Рахмоновнинг президент бўлиши учун ёрдам қўлини чўзган эди. Шунинг натижаси ўлароқ икки мамлакат ўртасидаги алоқалар уруш тугагандан кейин ҳам яҳшиланмади, балки ёмонлашди. 2000-йилда Тожикистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга исломий жангариларни кириб келиши эса икки мамлакат орасидаги келишмовчиликни очиқдан очиқ кризис ҳолатига келтириб қўйди. Гарчи Ўзбекистон Тожикистон ҳудудининг даҳлсизлигига зарар  етказмаган бўлсада, уни иқтисодий жиҳатдан қаттиқ исканжага олди. Газ-электр  етказиб беришни узлуксиз таъминламаслик, чегаралардаги миналарни зарарсизлантирмаслик, тожик фуқароларига виза режимини ўрнатилиши ва Россиянинг Тожикистонга ёрдам беришни тўҳтатиш орқали Ўзбекистон Тожикистонни силласини қуритди. ўз навбатида Тожикистон ҳам экономик шантаж методини бошлаб юборди. Сув  етказиб беришни таъминламаслик, Роғун сув омборини қурилишини бошлаб юбориш, ўзбек фуқароларига виза режимини ўрнатиш каби усуллар Тожикистоннинг ўзбек ҳукуматига берган жавоблари эди.

Лекин бу "совуқ уруш" ҳар доим Тожикистоннинг зарари ҳисобига бўлиб келмоқда, чунки Ўзбекистондан фарқли ўлароқ Тожикистон географик жиҳатдан ўта ёпиқ мамлакат бўлиб, унинг бошқа дунё билан алоқаси ўзбек ҳудудисиз амалга оширилиши мушкул иш.

Россия билан алоқалар ҳам сўнги йилларда мушкул босқичларни босиб ўтди. Жумладан Россия учувчилари билан бўлган можаро Тожикистоннинг ҳам сиёсий ҳам иқтисодий аҳволига катта зиён  етказди. Аҳолининг асосий фаол қисми Рус ердалигини ҳисобга олган ҳолатда Тожикистон ҳозирда Россиянинг иқтисодий қаролига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Уни устига сўнги йилларда Россияда ишловчи иммигрантларнинг Тожикистонда қолган оилаларини ўзи билан бирга бутунлайга Россияга олиб кетиши кўп кузатилмоқда. Бу эса Тожикистон учун ҳам демографик, ҳам иқтисодий йўқотишдир.

Эрон билан алоқалар 2001-йилда АҚШнинг Афғонистонга кириб келиши билан бир мунча фаоллашган эди. Лекин Эрон халқаро иқтисодий санксияларнинг оғирлигидан Тожикистон иқтисодини тубдан ўзгартиб юбориш имкониятларига эга эмас эди. Айниқса сўнги йилларда ҳам Эрондаги ҳақиқий ёрдам бериш ҳоҳишининг  етарли эмаслиги ва Ўзбекситоннинг кириб келаётган маҳсулотларини тўҳтатиб қўйиши икки мамлакатнинг ҳамкорликларини сусайтирди. Эрондаги оҳирги президент сайловларида ғолиб чиққан Ҳасан Руҳаний, шу йилнинг августидан бошлаб ҳукумат тепасига келиши кутилмоқда, унинг Тожикистон билан алоқаларинини қандай олиб боришини ҳозирча таҳмин қилишга эрта.

Ижтимоий муаммолар

Ўз ўзидан маълумки бир мамлакатда сиёсий ва иқтисодий муаммолар мавжуд бўлса, бу ўз ўзидан унинг ижтимоий аҳволини ҳам ёмонлайди. Тожикистон ҳам бундан мустасно эмас. Фуқаролар урушининг оқибатлари ҳали ҳозиргача ўз таъсирини сақлаб келмоқда. мамлакатнинг тиббиёт соҳаси деярли издан чиққан, асосий икки марказ, Душанба ва Хўжанд ўзининг энг кичик тиббий тузилмалари билан аҳолига аранг хизмат кўрсатиб келмоқда. Мамлакат таълим тизими ҳам ҳалигача ўз меъёрига тушганича йўқ. Ҳозирда мамлакатдаги юқори туғилиш нисбати оқибатида ўқитувчилар танқислиги яққол сезилмоқда. Уни устига мамлакатда "оқиллар кўчиши" ҳодисаси 1992-йилдан бери давом этиб келмоқда. Аҳолига коммунал ҳизмат кўрсатиш ҳам энг паст кўрсаткичларда.мамлакат на электр, на газ ва на нефт мустақиллигига эришган эмас. Буларнинг натижаси ўлароқ мамлакатда дарахтлар сонининг ёппасига камайиб кетиши кейинги йилларда сезиларли даражада кўзга ташланган.

Геостратегик вазият

Ҳозирда Тожикистон ўта қалтис геостратегик ҳолатга тушиб қолди. Шимолда ва ғарбда Ўзбекистон уни тўлақонли блокадага тушириб қўйган, Тожикистон билан боғлиқ ҳар қандай алоқалар узиб қўйилмоқда. Жумладан бугунги кунда икки мамлакат ўртасида ҳаво йўллари орқали транспортлар бутунлай тўҳтатилган. Ўзбекистон Тожикистонни айланиб ўтиш учун 3000 метрга яқин баландликда бўлган Қамчиқ довонидан ўтувчи автомагистрални ишга туширган, бундан ташқари шу йилнинг июн ойида Ўзбекистон Тожикистон ҳудудини четлаб ўтиш учун Фарғона водийси билан Тошкент вилоятини боғловчи Ангрен-Поп темир йўлини қуришни бошлашни эълон қилган.

Ўрта Осиёдаги унинг яна бир қўшниси бўлган Қирғизистон эса камбағаллик жиҳатидан ундан ҳам орқада туради. Жанубда Афғонистон 2014-йилдаги НАТО қўшинларининг мамлакатни тарк этиши билан янги фуқаролар урушига шўнғиши кутилмоқда. Нафақат фуқаролар уруши, балки Толибонларни қайтадан Қобулни эгаллашлари кўпчилик мутаҳассислар томонидан тасдиқланмоқда. Мабодо бу сиёсий башорат ўзини оқласа Тожикистон ўз ўзидан Толибонларнинг ўлжасига айланиши муқаррар. Ҳусусан ҳозирги кунда ҳам Тожикистоннинг ғарбий ва жанубий тоғли ҳудудларида радикал-исломий кучларнинг базалари жойлашган бўлиб, Тожик армияси уларни топиб йўқ қилиш учун  етарлича кучга эга эмас.

Хитой эса Тожикистон билан алоқаларни мустаҳкамлашда ўта эҳтиёткорлик билан ёндошмоқда. Чунки ўзининг Уйғур автоном вилоятидаги Исломий-радикал гуруҳларнинг Тожик исломий кучлари билан қўшилиши унинг бу ҳудудларида нотинчликларини келтириб чиқариши мумкин. Бошқа томондан Тожикистон ҳам Хитой билан яқин шериклик муносабатларини ўрнатиш ҳоҳишига эга эмас. Аҳоли орасида бу ҳолат катта норозиликларни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан 2011-йилда Хитойга ўзининг 1000 км² ҳудудини сотиши кўпчилик аҳолини норозилигига сабаб бўлган эди.

Эрон билан алоқалар ҳозирги кунда турғун ҳолатдадир. Келажакда ҳам бу борада яҳшиланишлар кузатилиши амримаҳол. Чунки Эрон билан Тожикистон алоқаларининг ривожланиши Ўрта Осиёдаги "Буюк Ўйин" доирасида эди, лекин бугунги кунда Эрон бу каби йирик геополитик қиморларга кириш учун етарли кучга эга эмас.

Шунга қарамасдан Тожик ҳукумати бугунги кунда вазиятни яҳшилаш учун ўзига янги шериклар излашда давом этмоқда. Шундай изланишлар оқибати ўлароқ Тожикистон Президенти ўзининг катта аҳамиятга эга делегацияси билан шу йилнинг 23-25 июн кунлари Қувайтга ташриф буюради.

Мазкур учрашувдан Тожикистон ўз ҳудудидаги молия танқислиги туфайли қурилиши чўзилиб кетган электр энергия стансиялари ва сув омборлари қурилишини тугаллаш учун шартномалар тузишни кўзлаган эди. Айнан шу йўл билангина Тожикистон ўзининг қўшниси Ўзбекистоннинг энергия блокадасидан чиқиши ва ўз суверентетини сақлаб қолиши мумкин.

Маълумки Қувайт 2012 йилда Осиёнинг Араб бўлмаган мамлакатлари ривожланиши учун 2 миллиард АҚШ доллари миқдорда сармоя киритишини эълон қилган эди. Араб дунёсидаги нотинчликлар ва АҚШнинг Форс кўрфази мамлакатлари билан алоқаларининг бузилиши оқибатида Қувайт ўзига бошқа иқтисодий шерикларни топишни мақсад қилиб қўйгани аниқ.

Ҳусусан Тожикистонда Қувайтнинг ўрнашиб олиши Эроннинг минтақадаги сиёсий мавқеига путур  етказмай қўймайди. Бошқа томондан бу ҳамкорлик мазкур тожик ҳукумати учун ҳам қалтис таваккалдир. Чунки Қувайтнинг бошқа Форс кўрфази мамлакатлари қаторида исломий-радикал гуруҳларни доимий равишда молиялаштириб бориши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас, бу эса Тожикистон ҳудудида ўрнашган жангариларини эътиборидан четда қолмаслиги турган гап.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак бугунги кунда Тожикистоннинг яккаланиши биринчи навбатда унинг зарарига ишлаётгандек туюлсада, аслида эса унга қўшни бўлган мамлакатлар ўзлари учун келажакда катта ҳавфсизлик зонасини яратмоқдалар десак муболаға бўлмайди. На Ўзбекистон учун ва на Россия учун ўз биқинида камбағаллик ботқоғига ботган ва исломий-радикал кучлар таъсирига тушган мамлакатдан ҳеч қандай наф йўқ. Мамлакат келажакда қўшни мамлакатларга жангарилар  етказиб берадиган марказга айланиши мумкин. Уни устига ҳозирда ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг кўпчилик базалари Покистоннинг Тожикистонга яқин бўлган шимолий ҳудудларида ва Тожикистоннинг жанубий шарқий ҳудудларида жойлашган. Фарғона водийсидаги бугунги кундаги Ўзбек-Қирғиз можароларидан фойдаланиб бу радикал гуруҳлар минтақадаги вазиятдни тубдан издан чиқариб юбориши мумкин. Унинг оқибатларини тузатиш учун эса кўплаб йиллар керак бўлади.

Хурсанд Абдуллаев.

http://www.geopolitikauz.com/